Янгиликлар
Янгиликлар
2023-02-02
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари — ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва иш топишда қийналаётган ҳамда меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахслар;
банд бўлмаган аҳоли (банд бўлмаган шахслар) — ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган шахслар;
«Бандлик хизмати» ахборот тизими — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат органларига мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган электрон ахборот тизими;
Бўш (вакант) иш ўринлари миллий базаси — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига кирувчи бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотларнинг ахборот базаси;
ишсизлик — меҳнат бозорида талабга эга бўлмаган меҳнатга лаёқатли ишчи кучининг мавжудлиги;
ишсизлик нафақаси — ишсиз шахсларни давлат томонидан кафолатланган тарзда пул шаклида қўллаб-қувватлаш тури;
иш ўринларини захирага қўйиш — аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун ташкилот (иш берувчи) томонидан иш ўринларини ажратиш;
иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмаси — иш берувчиларга иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни ишга жойлаштириш учун талаб этиладиган ташкилий-техник шартларга мувофиқ, муайян сондаги иш ўринларини ташкил этиш учун бериладиган буюртма;
иш ўринларининг энг кам сони — аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун ташкилот ходимларининг рўйхатдаги ўртача сонига нисбатан туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорлари билан фоизларда белгиланадиган иш ўринларининг энг кам сони;
иш қидираётган шахс — ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва у ерда иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган шахс;
Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизими — меҳнат бозорининг малакали ходимларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжлари ҳамда малакали ишчи кучига оид таклифлар таълим ва касбга ўқитиш тизими томонидан мақбул тарзда келишиб олинишини таъминловчи ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан тартибга солиш механизмлари йиғиндиси;
касбий стандарт — малака ва билимнинг даражасига, меҳнатнинг мазмунига, сифатига ва шарт-шароитларига доир талабларни белгилайдиган, асосий меҳнат вазифалари тавсифини ва уларни бажариш шартларини ўз ичига олган стандарт;
малака — ходимнинг ёки иш изловчининг тегишли касб (мутахассислик) бўйича унга меҳнат вазифаларини сифатли бажариш имконини берадиган тайёргарлик даражаси, унинг билим, маҳорат ва кўникмалар савияси;
малакани баҳолаш — ходим ёки иш изловчи малакасининг касбий стандарт талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш тартиб-таомили;
мақбул келадиган иш — фуқаро бажаришга қодир бўлган, фуқаронинг олган маълумоти йўналиши ва ихтисослигига, малакасига, касбий тайёргарлигига, иш тажрибасига, соғлиғининг ҳолатига кўра мос келадиган, яшаш жойини ўзгартиришини назарда тутмайдиган, унинг доимий яшаш жойидан унчалик узоқ бўлмаган ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақини кафолатлайдиган иш;
меҳнат органлари — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий меҳнат органлари деб юритилади), туманлар (шаҳарлар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари (бундан буён матнда маҳаллий меҳнат органлари деб юритилади);
меҳнат ресурслари — меҳнатга лаёқатли ёшдаги, меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳамда банд бўлган, меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта шахслар;
меҳнат ресурслари баланси — меҳнат ресурсларининг сонини ва таркибини, шунингдек уларнинг банд бўлган, банд бўлмаган ва иқтисодий жиҳатдан фаол бўлмаган аҳолига тақсимланишини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизими;
пенсияолди ёши — шахснинг давлат томонидан белгиланган пенсияга чиқиш ёшидан икки йил олдинги ёшга тўлиши;
ҳақ тўланадиган жамоат ишлари — буюртмачилар-иш берувчилар — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, тадбиркорлик субъектлари, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган, қоида тариқасида, дастлабки касбий тайёргарликни талаб қилмайдиган, ижтимоий фойдали йўналишга эга бўлган ҳамда иш қидираётган шахсларнинг ва ишсиз шахсларнинг вақтинча бандлигини таъминлаш учун маҳаллий меҳнат органлари томонидан бериладиган ишга жойлаштиришга доир йўлланмалар бўйича бажариладиган вақтинчалик меҳнат фаолияти турлари;
«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси — меҳнат бозори ва бандлик, меҳнат ресурслари баланси, ташкил этилаётган иш ўринлари ҳақидаги холис, мунтазам янгилаб бориладиган маълумотлар базасини ўз ичига олган, иш берувчилар ва ходимларга меҳнат муносабатларини электрон шаклда расмийлаштириш, ишга жойлашишнинг шахсга доир тарихи, бўш (вакант) иш ўринлари, ходимларнинг сон ва сифат таркиби тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ҳамда сақлаш учун майдонча тақдим этадиган электрон ахборот тизими.