Саҳифа манзили: 

Танланган матн: 

Хабар

Янгиликлар

Ўзбекистонда энг йирик онлайн семинарга старт берилди

error

2023-08-22

Куни кеча ҳоким ёрдамчилари учун “Камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибаси” мавзусига бағишланган онлайн семинари бошланди.

Тадбир Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси, Хитойдаги камбағалликни қисқартириш халқаро маркази ва Бирлашган миллатлар ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мазкур семинар жорий йилнинг 21-25 август кунлари онлайн форматда ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва унинг жойлардаги тузилмалари ходимлари ҳамда 9 222 нафар ҳоким ёрдамчилари иштирок этмоқда.

Ушбу семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июндаги фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Хитойдаги камбағалликни қисқартириш халқаро маркази ўртасидаги англашув меморандуми, Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш бўйича делегациясининг Хитойга ташрифи давомида эришилган келишувлар асосида ташкил қилинмоқда.

Маълумки, Хитой Халқ Республикаси дунё мамлакатлари ўртасида камбағалликни қисқартириш соҳасида етакчи мамлакат ҳисобланиб, Ҳукумат томонидан амалга оширилган ишлар камбағаллик устидан ғалаба қозонишга олиб келган. Бугунги кунда Хитойдаги камбағаллик даражаси 0,5-1 фоизни ташкил этади. Ҳолбуки, ушбу кўрсаткич 20 -асрнинг 70-80-йилларида 70 фоиздан юқори бўлган. Бу эса мамлакатда камбағалликка қарши курашиш бўйича жорий этилган манзилли ишларнинг юқори самарадорлигини билдиради ва жаҳон ҳамжамияти учун бебаҳо тажриба сифатида эътироф этилади.

Мазкур семинарнинг мақсади иштирокчиларга Хитойнинг камбағалликни қисқартириш соҳасида амалга оширган чора-тадбирлари, аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўлланилган манзилли инструментлари ва камбағал аҳоли қатламлари билан индивидуал тарзда ишлаш механизмлари каби тажрибасини ўргатиш ҳисобланади.

Семинарни ташкил этиш натижасида ҳудудлардаги барча ҳоким ёрдамчиларида камбағалликни қисқартириш тушунчаси ва унга қарши курашиш бўйича халқаро тажриба каби кўникмалар шакллантирилади. Жумладан, ҳоким ёрдамчилари:

– Камбағаллик тушунчаси, унинг сабаблари, аниқлаш методикаси ҳамда унга қарши курашишдаги самарали инструментлар;

– Камбағал оилалар билан ишлаш, уларнинг хоҳиш ва истакларини аниқлаш;

– Камбағал ва ишсиз аҳоли қатламларининг аниқ истакларидан келиб чиқиб касб-ҳунарга ўқитиш учун йўналтириш ва натижада тадбиркорликка жалб этиш ҳамда бандлигини таъминлаш;

– Хитойнинг маҳалла даражасида кичик саноат ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, янги ишлаб чиқариш линиялари ҳамда ёрдам турларини диверсификация қилиш каби тушунчаларни ўрганади.

Натижада, ҳоким ёрдамчилари ҳар бир камбағал оилага индивидуал ёндашиши, янги инновацион механизмларни қўллаши ва оилаларни камбағалликдан чиқишига қўшимча дастак бўлиши кўзда тутилмоқда.