Янгиликлар
Янгиликлар
2023-08-19
Сўнгги йилларда мамлакатимизда микро-бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича катта амалий ишлар қилинди. Натижада бугун ҳар бир маҳаллада камида 40-50 нафар янги тадбиркорлар пайдо бўлиб, минглаб доимий иш ўринлари яратилмоқда.
Лекин кичик бизнесни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида қулай муҳит ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмади, деди давлат раҳбари.
Кичик тадбиркорлар “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувлар жорий қилинади.
Бунда, ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади.
Бунинг учун, энг аввало, “Қишлоқ қурилиш банк” “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилади. Ушбу янги банкнинг фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлади.
Жумладан, банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес марказлари ташкил этилади. Марказлар ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади, ўз ҳисобидан янги лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларни ўқитади, янги лойиҳаларга зарур мутахассисларни жалб қилади, тадбиркорлар учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатади.